Ру O'z En
FVV ogohlantiradi:
Texnik ishlar olib borilishi munosabati bilan sayt faoliyatida vaqtinchalik uzilishlar bo'lishi mumkin.

O’zbekiston Respublikasi Prezidentining 2017 yil 2 iyun kundagi "Aholi va hududlarni favqulotda vaziyatlardan muhofaza qilish sohasida mutaxassislar tayyorlash tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari to’g’risida"gi PQ - 3030 - sonli qarori

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил этилган вақтдан буён аҳолини ва раҳбарлар таркибини фуқаро муҳофазаси ва фавқулодда вазиятлар соҳасида тайёрлаш вазирликнинг устувор вазифаларидан бири деб белгиланган. Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг фуқаро мудофааси ва фавқулодда вазиятлар бўйича раҳбарлар таркибини тайёрлаш маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси институти (кейинги ўринларда — Фуқаро муҳофазаси институти) ташкил этилган.

Ўтган йиллар давомида Фуқаро муҳофазаси институтида фуқаро муҳофазаси йўналиши бўйича 32068 нафар тингловчи, сафарбарлик тайёргарлиги йўналиши бўйича 4196 нафар тингловчи, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 601 нафар ҳарбий хизматчилари ва 2342 нафар қутқарувчилари, шу жумладан, бошқа вазирлик ва идораларнинг қутқарув хизматлари қутқарувчилари тайёргарликдан ўтказилди.

Шу билан бирга, республикада ва хорижий мамлакатларда аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда фуқаро муҳофазаси соҳасида кадрлар тайёрлаш ишларининг ҳар томонлама танқидий таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ушбу соҳада мутахассислар тайёрлашнинг мавжуд тизими ҳозирги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг (кейинги ўринларда — ФВДТ) бошқарув органлари ходимларини, фуқаро муҳофазаси кучларини, шунингдек, аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга, магистр даражасига эга бўлган олий маълумотли мутахассисларни тайёрлашнинг ягона тизими мавжуд эмас. Амалдаги ўқув дастурлари тубдан қайта кўриб чиқишни талаб этади. Ушбу соҳада фундаментал ва амалий тадқиқотлар етарли даражада олиб борилмаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 1 июндаги ПФ-5066—сонли Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2017 йил 2 июндаги ПҚ-3029-сонли Қарорига мувофиқ, мутахассисларни аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёрлашва уларнинг малакасини ошириш даражаси ва сифатини янада такомиллаштиришни тубдан ўзгартириш, тайёргарликдан ўтказишнинг ягона тизимини яратиш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш самарадорлигини ошириш, шунингдек, Фуқаро муҳофазаси институтининг моддий-техника базасини ривожлантириш мақсадида:

  1. Қуйидагилар Фуқаро муҳофазаси институтининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

республика аҳолиси ва ҳудудларини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек,фуқаро муҳофазаси соҳасида комплекс тадбирларни ташкил этиш ва бажариш бўйича ФВДТнинг республика ва маҳаллий бошқарув органлари мутахассислари ва мансабдор шахсларини ҳамда фуқаро муҳофазаси кучларини тайёрлаш тизимини ташкил этиш, ривожлантириш ва уларга ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш;

давлат стандартлари, халқаро тажрибалар фан ва таълим соҳасидаги инновация технологиялари анъаналари талабларини ҳисобга олган ҳолда “Фавқулодда вазиятларда аҳоли хавфсизлиги” мутахассислиги бўйича магистр даражасига эга бўлган олий маълумотли, юқори малакали кадрлар тайёрлаш;

аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек, фуқаро муҳофазаси соҳасида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг контракт бўйича ҳарбий хизматчилари ва фуқаро ходимларини, таркибий ва ҳудудий бўлинмалари қутқарув хизматлари қутқарувчиларини, ФВДТ таркибига кирувчи бошқа вазирликлар ва идораларнинг қутқарув тузилмаларини, шунингдек, мутахассислари ва раҳбар кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарлар таркибини тайёрлаш марказларига фуқароларни ҳамда вазирликлар, идоралар, ташкилот ва корхоналар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбар кадрларини тайёрлаш, шунингдек, умумий ўрта таълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий ўқув муассасаларининг ўқувчи ёшларини фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва содир обўлганда ҳаракат қилишга тайёрлаш бўйича фаолиятига ўқув-услубий раҳбарлик қилиш;

фуқаро муҳофазаси муаммоларини ҳал этишга, табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга йўналтирилган фундаментал ва амалий-илмий тадқиқотлар, конструкторлик ишланмаларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш, табиий офатлар, авария ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш, ҳаётий фаолият хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг барча тоифаларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга сафарбар этишга доир билимларни аҳоли ўртасида оммалаштириш.

  1. Тасдиқлансин:

махфий;

Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлари комплекс дастури 2-иловага мувофиқ.

  1. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси институтида 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб 5А640103—“Фавқулодда вазиятларда аҳоли хавфсизлиги” мутахассислиги бўйича магистратура очиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
  2. Фуқаро муҳофазаси институти магистратурасида ўқишга тингловчиларни қабул қилиш квотаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, шунингдек, ФВДТ таркибига кирувчи бошқа вазирлик ва идораларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгилансин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Р.М.Джураев):

икки ҳафта муддатда Фуқаро муҳофазаси институти штатлари жадвалини ва унинг Низомини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

2017 йилнинг 10 июнигача бўлган муддатда Фуқаро муҳофазаси институти фаолиятини самарали ташкил этиш тадбирлари режасини тасдиқласин;

2017 йилнинг 1 июлигача бўлган муддатда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини танлаб олишва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва қўшма қарор билан тасдиқласин;

2017 йилнинг 15 июлигача бўлган муддатда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда Аҳоли ва раҳбарлар таркибини тайёрлаш марказлари ўқитувчиларини аттестациядан ўтказиш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш, раҳбарлар таркибини ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш бўйича амалий тажрибага эга, шунингдек, илмий-педагогик фаолиятга қодир бўлган юқори малакали ўқитувчилар билан таъминласин;

2017 йилнинг 1 ноябригача бўлган муддатда — Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мудофаа вазирлиги билан биргаликда аҳоли ва раҳбарлар таркибини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш соҳасида замонавий талабларга жавоб берадиган, Давлат таълим стандартларига мувофиқ бўлган ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқсин;

2017 йилнинг иккинчи ярим йиллигидан бошлаб Фуқаро муҳофазаси институти профессор-ўқитувчилар таркибининг яқин ва узоқ хорижий мамлакатлар етакчи олий таълим муассасаларида тайёргарликдан ўтиши ва малакасини оширишини тизимли тарзда таъминласин;

тегишли фанлар бўйича машғулотларни олиб бориш учун мамлакатнинг етакчи олий таълим муассасалари тажрибали илмий-педагогик кадрларини, хорижий мамлакатлар таълим ва тадқиқот марказлари мутахассисларини жалб этиш амалиётини давом эттирсин;

вазирликнинг марказий аппарати, ҳудудий ва таркибий бўлинмаларинифақат Фуқаро муҳофазаси институти битирувчилари билан жамланадиган лавозимлари рўйхатини аниқласин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги (Р.С.Қосимов) Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда:

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва ФВДТ тизимида келгусида ишлаши учун 3-иловага мувофиқ рўйхат бўйича касб-ҳунар коллежларида ўрта-махсус, касбий маълумотли мутахассисларни, 4-иловага мувофиқ рўйхат бўйича олий таълим  муассасаларида — 5640100 — “Ҳаётий фаолият хавфсизлиги” мутахассислиги бўйича бакалавр даражасига эга олий маълумотли мутахассисларни тиайёрлашни ташкил этсин;

2017 йилнинг 15 июлигача бўлган муддатда ушбу 3,4-иловаларда келтирилган ўрта-махсус, касбий ва олий таълим муассасаларининг ўқув дастурлари аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда фуқаро муҳофазаси бўйича мутахассисларни тайёрлаш соҳасидаги замонавий талабларга мувофиқ, битирувчиларда амалий кўникма ва касбий билимларни назарда тутувчи қўшимча модуллар киритилишини ҳисобга олган ҳолда қайта ишлаб чиқсин.

Белгилаб қўйилсинки, 3-иловада кўрсатилган ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўсиб келаётган авлодни касбга йўналтириш, уларга фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш, шунингдек, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда фуқаро муҳофазаси соҳасидаги вазифаларни бажариш бўйича малака ва амалий кўникмаларни сингдириш билан боғлиқ қўшимча ўқитиш амалга оширилади;

  1. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Р.М.Джураев) Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

икки ой муддатда ушбу қарордан келиб чиққан ҳолда амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Репсубликаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

уч ой муддатда идоравий меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар ушбу қарорга мувофиқлаштирилсин.

  1. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Арипов А.Н. ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Махмудов В.В. зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев

 

Тошкент шаҳри

02.06.2017 й.

№ ПҚ-3030

  • ПҚ №3030 2.06.2017 УЗБ.docx (0.02 Мб)

  • ПҚ №3030 2.06.2017 УЗБ.pdf (0.21 Мб)

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech