ФВВ Академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институтида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида давом этаётган “Ўзбек тили байрами ҳафталиги” доирасида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда институт профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар, хизматчи ходимлар, магистрантлар, ижодкор ва мутахассислар иштирок этдилар.
Тадбирни Институт бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Зафаржон Тўраев кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мақомини ошириш борасидаги тарихий ишлар мазмунига тўхталди ва сўзни ФВВ Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, шоир ва журналист Азамат Суюновга берди.
А.Суюнов ўз сўзида она тилининг қадр-қимматини янада ошириш, иш юритишда давлат тили талабларига қатъий эътиборли бўлиш, жойларда эълон қилинадиган ёзув, пешлавҳа, ахборот матнларини давлат тили қоидаларига амал қилган ҳолда ёзиш кераклигини, бу борада қатор камчиликлар мавжудлигини куюнчаклик билан қайд этди. Шунингдек, ўзининг она тилига бағишлаб ёзган шеърини чуқур ҳаяжон билан ўқиб берди.
Давра суҳбатида Фавқулодда вазиятлар вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Баҳодир Валиев ҳам сўз олиб, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва унинг жойлардаги вакиллари, хусусан, вазирлик, идораларда фаолият юритаётган давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилар томонидан жойларда давлат тилини ривожлантириш, давлат тилида иш юритишни ташкил қилиш ишларининг изчил давом эттирилаётганлиги қайд этди. Бу борада Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида амалга оширилаётган ишлар мазмунига қисқача тўхталиб ўтди. Шунингдек, Департамент томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда нашр этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, “Давлат тилида иш юритиш” китобларининг иш фаолиятимиздаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб, иштирокчиларга мазкур китобдан давлат тилида иш юритишда фаол фойдаланишни тавсия қилди.
Шундан сўнг институт кафедра ўқитувчиси Дилфуза Раҳимжонованинг “Тилга эътибор – элга эътибор” мавзусидаги маърузаси тингланди. Маърузачи ўз сўзида улуғ алломаларимизнинг она тилини севиш, ардоқлаш, уни ўрганиш ва тараққиётини таъминлашдаги ҳикматларини келтириб, аждодларимизнинг она тилини асраб-авайлаш борасидаги жасорати ва матонати ҳақида тарихий мисоллар келтирди. Ўз ўрнида, она тилини эъзозлаш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи эканлигини таъкидлади ва байрам муносабати билан барчани муборакбод этди.
Давра суҳбати якунида иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олдилар.
Тадбир барчада катта таассурот қолдирди.
ФВВ Матбуот хизмати