FVV ogohlantiradi:
25 fevral kuni ob-havo oʼzgaruvchan, yogʼingarchilik kutilmaydi. Аyrim joylarda tuman tushishi mumkin. Shamol sharqdan 7-12 m/s (25-43 km/soat) tezlikda esib, vaqti-vaqti bilan 25-28 m/s (90-101 km/soat)gacha kuchayishi mumkin. Harorat kechasi 7-12*S sovuq, kunduzi 2-7*S sovuq, shimolda kechasi 17-22*S sovuq, kunduzi 8-13*S sovuq boʼladi.

Вазирликнинг Нодир йигити

Замонамиз қаҳрамонлари

 

Вазирликнинг Нодир йигити

 

Капитан Нодир Истамовни вазирлик тизимида яхши танишади. Ҳозирда вазирлик Марказий аппарати Канцелярияси бошлиғи вазифасида хизмат қилаётган қаҳрамонимиз ўзининг самимийлиги, камтаринлиги билан ажралиб туради.

У  2004 йил март ойидан буён Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида хизмат қилиб келади. Хизмат фаолиятини дастлаб Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида қутқарувчилик вазифасидан бошлаган. Бу касбда атиги 3 ой ишласада, аммо вазифанинг қанчалик мураккаб ва машаққатли эканлигини тушунди. Имкон қадар соҳани яхши ўрганишга, ўз устида ишлашга уринди. Бу ҳавас ва иштиёқ унда ҳарбий бўлиш истагини туғдирди.

Ниҳоят, шу, яъни 2004 йилнинг июнь ойида ҳарбийлик либосини кийишга, ватан ҳимоячиси, қутқарувчи деган шарафли номга муяссар бўлди ва пойтахтимиздаги ўша вақтларда Тез ҳаракат қилиш республика кўп тармоқли марказида ҳарбий қутқарувчи бўлиб, хизматни давом эттирди.  

Бу маскан қаҳрамонимизнинг, чинакам маънода, ҳарбий қутқарувчи бўлиб шаклланиши учун муносиб замин бўлиб хизмат қилди. Чунки ушбу даргоҳ қутқарувчилик соҳасида жуда катта тажриба ҳамда мактабга эга бўлиб, у ерда юқори малакали мутахассислар, устозлар фаолият олиб боришади.

Ушбу марказда 6 йил давомида ҳарбий қутқарувчи бўлиб фаолият юритди. Бу давр унинг учун тобланиш, маҳорат ошириш, улкан имкониятлар даври бўлди десак, хато қилмаган бўламиз. Чунки марказ вазирлик тизимининг асосий куч воситаларидан ҳисобланиб, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, содир бўлганда оқибатларини бартараф қилиш борасида жуда катта масъулиятга эга тузилмалардан бири. Ҳозир ҳам шундай мақомга эга.

Нодирбек Марказда радиацион, кимёвий, биологик муҳофаза гуруҳи қутқарувчиси бўлишига қарамай, бошқа йўналишлар, масалан, қидирув-қутқарув, сувда қутқарув каби соҳавий вазифаларни ҳам ўрганишга интилди. Чунки фавқулодда вазият вақт ҳам, имконият ҳам танламайди. Қутқарувчининг вазифаси хавф остида қолган инсон ҳаётини муқаррар ҳалокатдан қутқаришдир.

Шунинг учун у сафдошлари билан бирга вақти келса, ғаввослик кийимини кийиб, сув остида, вақти келса, улкан қоялар остида қидирув-қутқарув ишларини амалга оширди.

– Бизни қувонтирадиган жиҳати шундаки, инсонларни фавқулодда вазиятлардан қутқариб олган чоғимизда, уларнинг кўзларида ҳаёт учқунларини кўрганимизда, тўғриси, биздан бахтли инсонлар  йўқ деб ҳисоблардик. Шундай дамларда қутқарувчилик касбини танлаганлигимдан бағоят мамнун бўлардим,-дейди қаҳрамонимиз фахр билан.  

Марказ унинг хизмат фаолиятида унутилмас онлардан бири сифатида қолган. Масалан, 2006-2010 йилларда ушбу даргоҳ Республика қутқарувчилар кўпкураш мусобақасида кетма-кет фахрли 1-ўринни эгаллаган. Ёки марказ ушбу мусобақанинг 4 карра ғолиби бўлган десак, хато қилмаган бўламиз.

Ушбу ғалабаларга Нодирбек оддий бир жамоа аъзоси сифатида ҳисса қўшганлигидан фахрланса, иккинчидан, бундай машаққатли синовлар, муросасиз баҳсларда улкан билим, тажриба ва касбий маҳорат орттирганини  ўзи учун муҳим ютуқ дея баҳолайди.

Мана шундай ютуқлар ва орттирган тажрибалари унинг кейинги хизмат фаолияти давомида ҳам қўл келмоқда.

Унинг Марказдаги фаолияти вазирлик раҳбариятининг эътиборига тушиб, 2010 йилда вазирлик Марказий аппарати Радиацион, кимёвий, биологик муҳофаза бошқармаси катта техниги вазифасига келди. Ўз навбатида, вазирлигик раҳбариятининг ишонч-эътиборидан ғоят руҳланиб, янада фаол бўлиб ишлашга ҳаракат қилди.

Вазирлик Марказий аппарати унинг ҳужжатлар билан ишлаш, давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбарияти кўрсатмаларини вазирлик тизимига татбиқ этиш, қуйи бўғинларда уларнинг ижросини таъминлаш борасидаги билим-малакаларини янада бойитишига асос бўлди.

Шу тариқа, яъни вазирлик Марказий аппаратида орттирган 4 йиллик тажрибаси билан 2014 йилда Бухоро вилояти ФВБга, аниқроғи, раҳбарлик лавозимига, бўлинма бошлиғи вазифасига тайинланди.

Энди унинг зиммасида ҳам соҳа ходими, ҳам раҳбар масъулияти мужассам бўлди. Шунинг учун бор кучи билан астойдил хизмат қилишга, Бухоро вилоятида радиацион, кимёвий, биологик муҳофаза тадбирларини самарали ташкил қилишга ҳаракат қилди.  

Халқимиз айтганидек, қилинган меҳнат асло эътиборсиз қолмайди. Юк кўтарган юзага чиқар дейдилар. Нодирбек 2016 йил декабрь ойида, конституция байрами тантанасида Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Соҳа сирлари билан юзма-юз келгани сари уларни янада пухта ўзлаштириш орзуси уйғонди қаҳрамонимизда. Бу эса унинг келажакда офицер бўлиш истагини янада кучайтириб юборди.

Бунинг учун яна ўз устимда ишлади. Интилишларини кўрган вазирлик раҳбарияти бу йўлда унга яна бир имкониятни туҳфа этди.

Ниҳоят, Нодир Истамов вазирлик  Қуролли Кучлар академиясининг офицерлар тайёрлаш марказига тингловчи сифатида қабул қилинди. 45 кун давомида ушбу даргоҳда ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан олган сабоқлари   унга офицер қандай бўлиши керак? деган саволга жавоб топиш учун муносиб мактаб бўлди ва мен “лейтенант” ҳарбий унвонига эга бўлди.

Шу унвон билан 2018 йилда вазирлик Марказий аппарати Канцелярияси бошлиғи вазифасида хизматни давом эттирди. Ушбу вазифада ишлаб шуни янада теран англадики, бугунги кунда Янги Ўзбекистон даврида амалга оширилаётган оқилона ижтимоий-сиқтисодий, сиёсий-маданий ислоҳотларнинг барчаси бошқарув тизимида яққол акс этмоқда. Бу жараёнда канцелярия хизмати вакилларининг янада билимли, юқори салоҳиятга эга, иш юритиш илмини пухта ўзлаштирган ходим бўлишлари талаб қилинади. Шуни чуқур ҳис қилган ҳолда, ҳозирда касбдошлари билан белгиланган вазифаларни оқилона бажаришга асосий эътибор қаратган.  

Албатта, ҳар бир давр инсон ҳаётида ўзига хос из қолдиради.

2019 йил январь ойида “катта лейтенант” ҳарбий унвонига эга бўлди ва ҳозирда вазирлик Марказий аппарати Ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари вазифасида хизмат қилиб келмоқда.

Хизматлари яна бир карра давлатимиз раҳбарияти томонидан юксак баҳоланди. 2020 йил 4 март куни “Аъло хизматлари учун”, май ойида “Меҳр-саховат” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

– 2020 йил гарчи бутун дунё халқлари, жумладан, мамлакатимиз, халқимиз учун синовли, машаққатли келишига қарамай, кўплаб инсонларимиз ҳаётига ўзига хос мазмун олиб кирди. Масалан, мен ва оилам, ўтган 2020 йил октябрь ойида замонавий талаблар даражасида бунёд этилган кўркам ва обод янги хонадонга кўчиб ўтдик. Бу, ўз навбатида, давлатимизнинг фуқаросига қанчалик меҳрибон ва ғамхўр эканлигини намоён этади. Оғир пандемия шароити бўлишига қарамай, юртимизнинг ўз халқига, фуқаросига, давлат хизматчисига бир-биридан кўркам ва шинам уйларни тақдим қилиши мамлакатимизда амалда бўлган улкан инсонийлик, қадр-қиммат тамойилларидан дарак беради,-дейди Нодир Истамов мамнунлик билан.

Ҳақиқатан ҳам, ўзгалар дардига бефарқ одам ҳеч қачон қутқарувчи бўла олмайди. Қутқарувчилик ўзгаларни фавқулодда вазиятлардан халос қилиш учун керак бўлса, ўз жонини қурбон қилишга ҳамиша тайёр туриш демакдир...

2021 йил 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида Нодир Истамов “капитан” ҳарбий унвонига эга бўлди.

Ҳа, бу каби юртдошларимизнинг ҳаёти ва хизмат фаолиятига, албатта, барчамиз ҳавас билан боқамиз. У хизматда фаол ҳарбий хизматчи, оилада эса меҳрибон дада ва умр йўлдоши.

Халқимизда бир гап бор: ҳикмат излаганга ҳикмат бу дунё...

Таъбир жоиз бўлса, бу ёрқин ҳаётдан эзгулик, ҳикмат истаб яшаётган вазирликнинг нодир йигити – Нодир Истамовга бундан кейин ҳам хизмат фаолиятида омад-муваффақиятлар ёр бўлсин дея, ўзи ва оила аъзоларига мустаҳкам саломатлик, оилавий хотиржамлик тилаб қоламиз.

 

                                                                                     Баҳодир Валиев,

ФВВ маслаҳатчиси

 

 

   

 

 

 

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech