Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2019 йил 23 август куни Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва жамиятда ўқитувчи мавқеини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор мажлисида белгиланган вазифалар ижросини сифатли таъминлаш ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирининг 2019 йил 30 август кунидаги “Вазирлик тизимида халқ таълими муассасалари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида”ги 439-сонли буйруғи талаблари юзасидан “Қамчиқ” довонининг олис қисмида жойлашган Ангрен шаҳар Халқ таълими бўлимига қарашли 32-сонли умумтаълим мактаби “Қамчиқ” Махсус қидирув-қутқарув бошқармаси томонидан оталиққа олинди.
Таъкидлаш жоиз, оталиққа олинган мактаб билан бугунги кунда “Бутун кучни халқ ичидан олайлик, қучоқ очиб мактабларга борайлик” шиори остида мактаб таълимини ривожлантиришга йўналтирилган буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида, ҳамкорликда қатор режалар белгилаб олинди.
Жуамладан, куз-қиш мавсумида ўқувчиларнинг мактабга бориб келишида ёғингарчилик вақтида йўлларда қийинчиликлар юзага келишини олдини олиш мақсадида, бошқарма томонидан мазкур мактабга олиб борувчи йўлларни таъмирлаш учун 3 та юк машинасида тош-қум тўкилиб берилди. Бундан ташқари, куз-қиш мавсуми учун олиб келинган 40 тонна кўмир қутқарувчилар томонидан махсус кўмир сақлаш омборхонасига ташиб берилди.
Шу билан бирга, бошқарма ходимлари томонидан ҳашар уюштирилиб, мактаб ҳовлиси ички йўллари таъмирланди, мактаб ҳудуди ободонлаштирилди. Мактабнинг ўқитувчилар ва ўқувчилари фойдаланиши учун “Фуқаро муҳофазаси бурчаги” ташкил этилди.
Шунингдек, мактаб ўқувчилари ўртасида устозларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, улар орасида “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар клублари фаолиятини ташкил этиш ҳамда “Қутқарувчи” касби нуфузини оширишга қаратилган суҳбатлар ва машғулотлар ўтказилди.