Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти кўрсатмасига асосан бир гуруҳ вазирлик ва идоралар раҳбарларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари Тошкент шаҳар ҳокимлигининг туманларига бириктирилдилар.
Булардан мақсад маслаҳатчилар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва бир-бирларига амалий ёрдам кўрсатиш ишларини ташкиллаштиришдир.
Шунга кўра, жорий йилнинг 2 апрель куни Фавқулодда вазиятлар вазири маслаҳатчиси Баҳодир Валиев раҳбарлигида ФВВ Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш Бош бошқармаси бошлиғи полковник Даврон Қамбаров, Бектемир тумани ҳокими маслаҳатчиси Ойбек Сапаев, “Абай” МФЙ раиси Эркин Ўразалиев, Абай маҳалласи профилактика инспектори капитан Шахобиддин Хамроқуловлардан иборат ишчи гуруҳ томонидан Ҳусайин Байқаро кўчасида жойлашган бир қатор тадбиркорлик объектларида стенд, пешлавҳа ва эълонларнинг давлат тили талабларига мувофиқлик ҳолати юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш тадбирларида объектларнинг раҳбарларига Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни мазмун-моҳияти тушунтирилиб, хўжалик субъектлари раҳбарлари ташқи ёзувларнинг (пешлавҳа, реклама ва бошқа эълон, ахборот матнлари) давлат тилида, хатосиз ёзилишини таъминлашлари кераклиги бўйича огоҳлантирилди.
Шунингдек, давлат тилидан бошқа тилларда ёзилган пешлавҳа, реклама ва эълонлар ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган тушунтириш ишлари жараёнида, хўжалик субъектлари раҳбарларининг розилиги асосида ўрнатилган нуқталардан олиб ташланди.
Ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш тадбирлари давом эттирилмоқда.
Баҳодир Валиев,
Фавқулодда вазиятлар
вазири маслаҳатчиси