Ассалому алайкум қадрли ҳамкасблар!
Она диёримизга барчамиз орзиқиб кутган гўзал ва дилбар,
янгиланиш фасли – Наврўзи олам кириб келмоқда.
Мана шундай қутлуғ кунда Сиз азизларга мустаҳкам
сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилаган ҳолда Ана шу улуғ айём билан барчангизни чин қалбдан самимий муборакбод этаман.
Юртимиз аҳли бу йил ҳам Наврўз байрамини Яратганга шукроналар айтиб, Республикамизнинг барча жабҳаларида шоду хуррамлик билан кенг тарзда нишонламоқдалар. Дошқозонларда сумалаклар пишириб, дастурхонларга баҳор неъматларини тортиб, сайил-томошалар қилмоқда.
Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук
кексаларимизни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказиб, юртимизни янада обод қилиш каби
савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизими ҳарбий хизматчи
ва хизматчилари ушбу айём тадбирларида ҳар доимгидек огоҳ
ва ҳушёр туриб, юртимиз аҳолиси ҳамда ҳудудларини фавқулодда
вазиятлардан муҳофаза қилишдек шарафли вазифаларини фидойилик
билан адо этмоқдалар.
Ҳурматли ҳамкасблар !
Бугун фидойи деҳқон ва фермерларимиз катта орзу-умид билан
янги мавсумни бошламоқдалар. Барчамиз уларни чин дилдан
табриклаб, йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин, деб
энг эзгу тилакларимизни билдирамиз.
Наврўзи олам Ватанимизда яшаётган барча миллат ва элат
вакиллари, бутун халқимиз учун энг суюкли байрамдир.
Истагимиз шуки, Наврўзи олам юртимизга тинчлик-омонлик,
бахту саодат, қут-барака олиб келсин!
Ҳар бир оила, ҳар бир хонадонда яхши кунлар, тўй-томошалар
кўп бўлсин!
Барчамизнинг эзгу орзу-ниятларимиз ушалсин!
Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
Наврўз байрами яна бир бор муборак бўлсин!