Хабарингиз бор, барча соҳалар қатори Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ҳам “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида Тошкент шаҳар Бектемир туманидаги бир қатор маҳаллалар бириктирилган бўлиб, ҳозирда вазирлик Марказий аппарати Бош бошқарма, бошқарма ва хизматлар раҳбарлари масъуллигида жойларда ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Вазирлик Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи полковник Д.Қамбаровга туманнинг “Абай” МФЙ ҳудуди бириктирилган бўлиб, ҳозирда ушбу ҳудуд олиб борилган ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари сабаб анча кўркам масканга айланиб бораётир.
Ана шундай эзгу ишлар жараёнида Катта ариқ кўчаси 13-уйда истиқомат қилаётган, корейс миллатига мансуб Цой Римма Николаевнанинг уйи таъмирланиб, ҳовлиси обод ҳолга келтирилди. Ушбу фуқаро хонадонда бир ўзи яшайди, ўғли эса 12 йилдан бери Корея мамлакатида истиқомат қилади. Шунинг учун унга уй-рўзғор ишларида кўмак лозим.
Қарангки, бугун Римма Николаевнанинг туғилган кунлари экан. Полковник Д.Қамбаров ҳашарчилару ёрдамчилар билан бирга туғилган кун соҳибасини чин дилдан табриклаб, унга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тиладилар.
Бундан уй соҳибаси ғоят мамнун бўлиб, ҳашарчиларга улкан миннатдорлик билдирди.
Ҳа, маҳаллаларда олиб борилаётган ободонлаштириш тадбирлари нафақат хонадонларга, балки кўнгилларга ҳам ободлик, қувонч улашиб, инсонларнинг ҳаётдан мамнун бўлиб яшашлари учун замин ҳозирламоқда.
Баҳодир Валиев,
вазир маслаҳатчиси