Жорий йилнинг 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги биносида “Аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш тартиби” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 сентбрдаги “Аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 754-сонли қарорининг мазмун-моҳияти, мақсади бўйича атрофлича маълумот берилди.
Анжуманда, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этилди.
Таъкидлаш жоиз, ушбу қарор билан аҳолининг барча қатламларини табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш тартиби белгиланган.
Қуйидагилар аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари, ишчи ва хизматчиларни фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, шунингдек, фуқаро муҳофазаси бўйича билимларини изчил ошириб бориш ва кўникмаларини ҳосил қилиш;
қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари, шунингдек, фуқаро муҳофазаси тузилмаларини фавқулодда вазиятларни бартараф этишга тайёрлаш;
аҳолини, шу жумладан, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаганларни, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари талабаларини фавқулодда вазиятларда муҳофазаланиш, жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш, жамоавий ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш қоидалари ва усулларига ўргатиш шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатда аҳолини тайёрлаш тартиби, шакллари ва даврийлиги, уларни фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғинлар профилактикаси бўйича тайёргарлигини ошириш ҳамда фаол иштирокини таъминлаш кўрсатилган.