Ўзбекистон Республикаси Бош вазири – Фуқаро муҳофазаси бошлиғи томонидан 2019 йил 12 январь куни тасдиқланган “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларни муҳофаза қилиш бўйича 2018 йилда амалга оширилган тадбирлар якуни ва 2019 йилдаги вазифалар тўғрисида”ги 1-сонли буйруғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 февралдаги 133-сонли фармойиши асосида жорий йилнинг 24 май куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Марказий аппарати мажлислар зали ва Тошкент шаҳар Ғофур Ғулом истироҳат боғида «Республика чўмилиш ҳавзаларида хавфсизликни таъминлаш чоралари» мавзусида республика илмий-амалий семинари ўтказилди.
Семинарни ўтказишдан мақсад – республика ҳудудидаги чўмилиш ҳавзаларида хавфсизликни таъминлаш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш, сувда юзага келадиган нохуш ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш, ютуқ ва камчиликларни таҳлил қилиш, ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб вазифаларни муҳокама қилиш ҳамда уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборатдир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 20 майдаги “Ўзбекистон Республикаси акваторияларининг пляж зоналарида дам олувчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги 164-сонли қарори ижросини таъминлаш” мақсадида, 2018 йил чўмилиш мавсумида дам олувчилар хавфсизлигини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари билан биргаликда республика ҳудудидаги сув ҳавзаларида 146 та ўрганишлар ўтказилган. Чўмилиш ҳавзаларида хавфсизлик қоидалари бўйича 810 та огоҳлантирувчи шартли белгилар ўрнатилиб, 47 та кузатув миноралари ташкил қилинган.
Аҳоли орасида чўмилиш мавсумида хавфсизликни таъминлаш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширилиши ҳам бу борада аҳоли ва айниқса ёшларнинг билимларини оширишга хизмат қилиб, огоҳликка чақиришда катта ўрин тутади. Бу борада 2018 йилдан 2019 йилнинг шу кунга қадар республика бўйича 25 та семинар ва 1999 та суҳбатлар ташкил қилиниб, 94286 та эслатмалар тарқатилган.
Семинарнинг амалий қисмида Тошкент шаҳридаги Ғофур Ғулом истироҳат боғида очиқ чўмилиш сув ҳавзаларига қўйиладиган талаблар, уларни зарур сувда-қутқарув асбоб-анжомлари ва воситаларининг билан жиҳозланиши, гаввослик ва сувда қутқарув асбоб-анжомларининг кўргазмали намойиши ҳамда чўмилиш ҳавзасида сувга чўкаётган одамни кутқариш ва унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш усуллари ғаввос-қутқарувчилар томонидан амалий машғулотлар давомида кўрсатиб ўтилди.
Мазкур Семинарда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Ҳалқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари, Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш Республика кенгаши, Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар ҳамда Тошкент вилояти ҳокимликлари вакиллари, Тошкент шаҳар ва вилоят ҳудудида жойлашган дам олиш ҳамда соғломлаштириш масканлари раҳбарлари, И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Тошкент кимё-технологиялар институти, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Фуқаро муҳофазаси институти, Ёнғин хавфсизлиги институти ходимлари ва профессор-ўқитувчилари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.