FVV ogohlantiradi:
15 aprel kuni ob-havo o'zgaruvchan, yog'ingarchilik kutilmaydi. Faqatgina Toshkent viloyatida kechasi va ertalab ayrim joylarda mayda yomg'ir yog'ishi mumkin. Shamol sharqdan 7-12 m/s (25-43 km/soat) tezlikda esadi. Harorat kechasi 7-12*S iliq, kunduzi 20-25*S iliq bo'ladi.

Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги буюм бозорида рўй берган ёнғин юзасидан расмий маълумот

     Маълумки, инсон фавқулодда вазиятга тушиб қолганида, вақт секин ўтгандек, воқеа эса жуда узоқ содир бўлгандек туюлади. Ҳақиқатда фавқулодда ҳодисалар, жумладан ёнғинлар ҳам қисқа вақт ичида ривожланиб, авж олади. Одатда фавқулодда ҳодисалар инсон руҳиятига кучли таъсир кўрсатиб, мулк эгалари ушбу вазиятларда тегишли хизматларга боғланишдан кўра, офатни мустақил равишда бартараф этишга ҳаракат қилади. Бу эса аксарият ҳолатларда офатнинг кенгайишига сабаб бўлади.

    14 ноябрь куни  «KUN.UZ» сайтида “Оқдарё буюм бозоридаги ёнғин: дўкондорлар ўт ўчирувчилар кеч келганидан норози ва ёрдамга муҳтож” сарлавҳаси остидаги материал берилди.

    Берилган маълумотда 2020 йил 12 ноябрь куни Оқдарё тумани Лойиш шаҳарчаси А.Темур кўчасидаги “Оқдарё савдо комплекси”да содир бўлган ёнғинни ўчиришга жалб этилган куч ва воситаларнинг ҳаракатларидан ёнғиндан зарар кўрган дўкон эгаларининг норозилиги тўғрисида маълум килинган. 

    Маълумотда қайд этилган ҳолат бўйича қуйидагиларни таъкидлаш лозим:

жорий йилнинг 12 ноябрь куни соат 18:42да Оқдарё тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими диспетчерлик хизматига туманнинг Лойиш шаҳарчаси А.Темур кўчасидаги “Оқдарё савдо комплекси”да ёнғин рўй берганлиги тўғрисида комплекс қоровули фуқаро Ш.Исломов томонидан хабар берилиб, 2 та ёнғин-қутқарув экипажи ёнғин жойига соат 18:49да етиб борган.

    Шунингдек, ёнғинни ўчиришга Самарқанд шаҳридан қўшимча равишда 2 та, Иштихон туманидан 1 та ёнғин-қутқарув экипажлари жалб этилиб, ёнғин соат 19:00 да ўраб олинган, соат 20:10да эса тўлиқ ўчирилган.

Маълумот учун: 9-касбийлаштирилган ёнғин-қутқарув қисмидан ёнғин рўй берган объектгача масофа 3,5 км.ни ташкил этади.

    Ёнғинни бартараф этишга қаратилган тезкор тадбирлар тўлиқ олиб борилган бўлсада, савдо комплексидаги жами 10 та (56-, 57-, 58-, 59-, 60-, 61-, 27-, 28-, 29-, 31-) савдо дўконларининг жами 180 м2  майдони зарар кўрган.

    Мутахассисларнинг фикрига кўра, савдо комплекси 2017 йилдан буён фаолият кўрсатаётган бўлиб, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига умуман риоя қилинмаганлиги бўйича бозор маъмуриятига мунтазам равишда тақдимнома ва тавсияномалар киритилган. 2020 йилнинг июнь ва октябрь ойларида мутахассислар томонидан ўтказилган профилактик кўриклар давомида савдо комплексида ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги меъёр ва қоидаларнинг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни бартараф этиш бўйича қайд этилган камчиликлар масъуллар томонидан бартараф этилмаганлиги ҳам ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлиб, ёнғинни бартараф этишга салбий таъсир кўрсатган.

    Бундан ташқари, ёнғиннинг катта майдонга қисқа муддатда тарқалиши, савдо дўконларида кўп миқдорда тез алангаланувчи моддий бойликларнинг тартибсиз жойлаштирилганлиги, дўконларнинг бир-бирига зич қилиб қурилганлиги, бозор ҳудудида сув манбалари мавжуд эмаслиги, ўз навбатида ёнғинни тезкор бартараф этишда қийинчиликларни келтириб чиқарган.

    Юқоридагиларни инобатга олиб, куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, содир бўлганда оқибатларини камайтириш муҳим аҳамиятга эга.

    Шу муносабат билан, инсон ҳаёти, унинг соғлиғини муҳофаза қилиш, моддий бойликларни асраб-авайлаш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тавсия этади!

  1. Объектларда фавқулодда вазиятлар содир бўлганда тўғри ҳаракатланиш учун эвакуация йўлларини доимий равишда очиқ бўлишини таъминлаш.
  2. Бино ва иншоотлар ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан жиҳозланган бўлиши.
  3. Барча бино ва иншоотларда мавжуд бўлган электр сим ва кабеллари, электр манбаларидан фойдаланиш қоидалари асосида ўтказилиши.
  4. Бино ичида носоз ва қўлбола электр ва иситиш мосламаларидан ҳамда носоз газ асбобларидан фойдаланмаслик ва ушбу жиҳозларни назоратсиз қолдирмаслик.
  5. Электр таъминотида вақтинчалик ўтказилган электр симларидан ва ясама сақлагичлардан фойдаланишни қатъий таъқиқлаш.
  6. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъул ходимлари томонидан бериладиган тавсия ва кўрсатмалар ижросини тўлиқ таъминлаш.

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech