2019 йилда вазирлик тизимига келиб тушган мурожаатлар сони жами (вилоятлар кесимида)
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига 2019 йилнинг 12 ойи давомида жами 2769 та жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари келиб тушган бўлиб, шундан 1153 таси оғзаки, 857 таси ёзма ва 759 таси электрон (шундан 690 таси Виртуал қабулхона орқали) мурожаатлардир. Келиб тушган мурожаатларнинг 603 таси қаноатлантирилган, 1895 тасига тушунтиришлар берилган, 222 таси тааллуқлилиги бўйича юборилган, 19 таси кўрмасдан қолдирилган, 1 таси рад этилган, 29 таси кейинги ҳисобот даврига қолдиқ бўлиб ўтган. Шунингдек, вазирлик марказий аппаратига ҳисобот даврида жами 983 та жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари келиб тушган бўлиб, шундан 314 таси оғзаки, 407 таси ёзма ва 262 таси электрон (шундан 174 таси Виртуал қабулхона орқали) мурожаатлар. Келиб тушган мурожаатларнинг 163 таси қаноатлантирилган, 797 тасига тушунтиришлар берилган (шундан 188 таси тааллуқлилиги бўйича борилган), 11 таси кўрмасдан қолдирилган, 12 таси кейинги ҳисобот даврига қолдиқ бўлиб ўтган. Вазирлик марказий аппаратига келиб тушган мурожаатларнинг 1 таси фавқулодда вазиятлар хавфи бор ҳудудлардан кўчириш масалалари бўйича, 5 таси табиий офатдан яшаш жойлари зарар кўрган ҳолларда бошқа иморат қуришда ёрдам сўраганлар, 114 таси фавқулодда вазиятларни келтириб чиқарувчи ҳолатлар юзасидан (ноқонуний қурилиш ва ҳ.к.), 33 таси қутқарув хизматининг фаолиятига доир, 61 таси ходимларнинг ҳаракатлари юзасидан, 32 таси рухсатнома, маълумотнома ва ҳужжатлар олиш бўйича, 272 таси фавқулодда вазиятлар вазирлигига хизматни тиклаш ёки қабул қилиш бўйича, 76 таси ижтимоий масалалар бўйича (пенсия, алимент, компенсация, уй-жой ва ҳ.к.), 193 таси турли таклиф ва масалалар бўйича, 196 таси вазирлик фаолиятига тааллуқли бўлмаган масалалар бўйича қилинган. Мазкур мурожаатлар ҳудудлар кесимида ўрганилганда, Қорақалпоғистон Республикасидан 28 та, Андижон вилоятидан 25 та, Бухоро вилоятидан 37 та, Жиззах вилоятидан 30 та, Қашқадарё вилоятидан 105 та, Навоий вилоятидан 43 та, Наманган вилоятидан 55 та, Самарқанд вилоятидан 71 та, Сирдарё вилоятидан 27 та, Сурхондарё вилоятидан 87 та, Тошкент вилоятидан 158 та, Фарғона вилоятидан 54 та, Хоразм вилоятидан 44 та, Тошкент шаҳридан 226 та ва бошқа ҳудудлардан 3 та келиб тушган. Мурожаатлар ўтган йилнинг шу даври билан солиштирилганда, умумий ҳисобда 78 тага кўпайган, шунингдек, айрим ҳудудларда мурожаатлар камайган бўлсада, Қашқадарёда 7 тага, Навоийда 14 та, Наманганда 17 та, Самарқандда 29 та, Сурхондарёда 20 тага, Тошкентда 24 тага, Фарғонада 18 тага, Хоразмда 10 тага, Тошкент шаҳрида 29 тага, шу билан биргаликда асосан Фавқулодда вазиятларни келтириб чиқарувчи ҳолатлар 82 та, қутқарув хизмати фаолиятига доир ҳолатлар 18 та, ходимларнинг ҳаракатлари юзасидан 50 та, рухсатнома, маълумотнома ва ҳужжатлар олиш 5 та, ижтимоий масалалар бўйича 4 та, вазирлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган мурожаатлар 133 тага кўпайганлиги маълум бўлди. Шу даврда вазирлик тизимини аҳоли билан мулоқоти тубдан ўзгарди, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли билан яқиндан мулоқот қилишнинг янги, замонавий ва таъсирчан шакллари амалиётга жорий этилди. 2019 йилда қилинган таҳлилларига кўра қуйидаги ишлар амалга оширилди: аниқланган жами 1474 та ноқонуний қурилмаларнинг 1356 таси бартараф этилди; вазирлик томонидан жойларда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда хавфли ҳудудларда дарёлар, сойлар ва каналлар ўзанларини тозалаш, қирғоқ ва дамбаларни мустаҳкамлаш бўйича сел-тошқин ва ер кўчиши хавфи мавжуд ҳудудларда 133 та махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилди. (100,6 минг м3 тупроқ ишлари, 36167 м3 куб қум-шағал, 4977,4 м3 харсанг тош ишлари, 2111 м3 бетон ишлари бажарилиб, 62021 пог.метрдан ортиқ масофадаги магистрал каналлар, дарёлар ва сойлар ўзанлари тозаланди); хавфли ҳудудларда яшаётган 113 та хўжалик (569 нафар фуқаро) хавфсиз ҳудудларга кўчирилди: 2020 йилда Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги 50 та ирригация объектларида, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан асосий магистрал йўллардаги 34 та автомобиль кўприкларини таъмирлаш, реконструкция ва қайта қуриш ишлари бошланди; ҳудудий ФВБ томонидан ёғингарчилик мавсумида ёмғир сувларини тўпланиб қоладиган жойлари ўрганиб чиқилиб, бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди; табиий офатлар бўйича етказилган зарарларни тўлашнинг аниқ-конкрет механизмини йўлга қўйиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси 2020 йилги Давлат дастурига киритилиб, тасдиқланди; аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш (ёнғин хавфсизлигини олдини олиш) бўйича доимий равишда профилактик тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. қурилиши нормалари яъни ШНҚга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиб, Қурилиш вазирлигига тақдим этилди; Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрациясининг топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш жараёнини оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича 2019 йил учун мўлжалланган дастур ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланди. Хусусан мурожаатлар ўрганилишини оммавий ахборот воситаларида ёритиши борасида 2019 йил давомида телевидение ва радиода 600 маротаба, газета ва журналларда 170 маротаба, электрон оммавий ахборот воситалари орқали 205 маротаба, вазирликнинг расмий веб-сайтида 395 маротаба жами 1375 маротаба чиқишлар амалга оширилди. Бундан ташқари, ҳар чорак якунида мурожаатлар билан ишлаш бўйича таҳлилий маълумотлар Ҳайъат йиғилишларида муҳокама қилиниб, йиғилиш қарори билан тегишли чора-тадбирлар белгилаш амалиёти йўлга қўйилган. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш жараёнини оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича 2020 йил учун мўлжалланган дастур ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Жисмоний ва юридик шахсларга мурожаатларини Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида кўриб чиқилганлиги ҳақида статистик маълумотлар, вазирлик раҳбариятининг қабул кунлари ва вақтлари, ҳудудларда ўтказиладиган сайёр қабуллар графиги тўғрисидаги маълумотлар вазирликнинг расмий веб-сайтига (www.fvv.uz) жойлаштирилиб келинмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлигида “Ишонч телефони” (71.212-66-11) ва бошқа электрон шаклда келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари вилоятлар кесимида таҳлил қилиниб, келиб тушган мурожаатлар ва уларнинг кўриб чиқилиши диаграмма шаклида юқорида кўрсатилган веб-сайтга жойлаштириб борилади. Вазирлик тизими фаолиятини халқ томонидан баҳолаш мақсадида, “Фейсбук” ижтимоий тармоғида “Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги” ҳамда “Қутқарувчи-маслаҳатчи” саҳифалари очилган бўлиб, бу орқали фуқароларнинг эътирозлари, таклифлари ва бошқа мурожаатлари ўрганиб чиқилиши ва ўз вақтида маълумотлар бериб борилиши бўйича тизим йўлга қўйилган. Шунингдек, фуқароларнинг фавқулодда вазиятлар содир бўлганда ёки фавқулодда ҳолатларга тушиб қолган вақтларида мурожаат қилишлари учун республиканинг олис туманларида ва аҳоли гавжум жойларида фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ишонч телефонлари, тезкор рақамлари, вазирликнинг расмий веб-сайти, “Фейсбук” ва “Телеграм” ижтимоий тармоқлари бўйича доимий равишда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.