Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг топшириқларига асосан Ҳукумат фармойиши билан Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳ кеча, 12 январь куни Пенза вилоятига етиб бориб, Россия Федерациясининг масъул идоралари раҳбарлари билан учрашди ва ҳамкорлик асосида ташкилий ва амалий ҳаракатлар олиб борилди. Шундан сўнг махсус борт Россия Федерациясидан учиб, 13 январь куни соат 06:50 ларда Хоразм вилоятидаги “Урганч” халқаро аэропортга келиб қўнди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Россия Федерацияси масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак беришди.
Жароҳатланган фуқароларнинг 1 нафари 12 январь куни тонгги вақтда Пенза шаҳридаги шифохонада шифокорларнинг муолажаларига қарамасдан вафот этган.
Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида 8 нафар вафот этган фуқароларнинг жасадлари яшаш манзилларига юборилди. Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар томонидан дафн маросимларини ўтказиш юзасидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Жароҳатланган яна 1 нафар фуқаро Пенза шаҳридаги касалхонада, даволаниш ишлари якунига етгандан сўнг Ўзбекистон Республикасига қайтарилади. Ҳозирги вақтда касалхонага жойлаштирилган фуқаро шифокорларнинг қатъий назоратига олиниб, тегишли муолажалар ўтказилмоқда.