2024 йил 16 январь куни Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги навбатчилик қисмидан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг 16 январь куни (Москва вақти билан) соат 13:00 ларда Россия Федерацияси, Самара вилояти, Ставропольск райони М-5 автомобиль йўлининг 947 км.да ҳаракатланган “Lada Largus” русумли автомобили ва “Газель” русумли юк автомобили тўқнашиши оқибатида “Lada Largus” русумли автомобилида бўлган жами 7 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан 3 нафари воқеа жойида вафот этган, 4 нафар йўловчи турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган ва тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.
Айни вақтда Фавқулодда вазиятлар, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда вафот этган ва жабрланган фуқароларимизни ватанга олиб келиш юзасидан керакли барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Россия Федерацияси масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак беришмоқда. Ўзбекистон Республикаси Фавқудодда вазиятлар вазирлиги Россия Федерациясининг тегишли ташкилотлари билан бу борада яқиндан ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда.